qarashlar
2023 йилнинг бутун даври мобайнида битта ипотеканинг ўртача нархи кўтарилиш тенденциясини намоён этган.
Ажратилаётган ипотека кредитининг ўртача миқдори охирги 4 йилда 2,1 баробарга кўтарилган
2023 йил давмида жами 68 396 нафар қарздорга 16 851,0 млрд.сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Битта ипотеканинг ўртача миқдори 246,4 млн.сўмни ташкил этган. Солиштириш учун, 2020 йилда битта ипотеканинг ўртача миқдори 118 млн.сўмни ташкил этган эди.
2023 йилнинг бутун даври мобайнида битта ипотеканинг ўртача нархи кўтарилиш тенденциясини намоён этган. Лекин бу картина йил бошидан кўпроқ арзон ипотека молиялаштирилгани (Янги тартиб), кейинги ойларда эса тижорий ипотека ажратиш кўпайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Марказий банк аввалроқ очиқлаган маълумотдан 2023 йил Янги тартиб асосида 37 110 нафар қарздорга 8 660 млрд.сўмлик ипотека кредити ажратилганини кўриш мумкин. Шунда Янги тартиб тизимида, бир қарздорга ўртача 233,3 млн.сўм ипотека кредити тўғри келган.
Демак, қолган 31 286 нафар қарздорга жами 8 191 млрд.сўмлик тижорий ипотека кредити берилган. Битта ипотека кредитининг ўртача қиймати 261,8 млн.сўмдан иборат бўлган.
2022 йилдан буён янги Тартиб бўйича ажратиладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдори Тошкент шаҳрида 416,5 млн.сўм, бошқа ҳудудларда 327,25 млн.сўм миқдорида сақланиб қолмоқда. Яъни, амалда ошиб бораётган уй-жой қиймати тўловида қарздорнинг ўз маблағлари улуши янада тезроқ ортиб бормоқда.
Comments
0 comment